Тожикистонда 14 маҳбуснинг заҳарланиб ўлиши юзасидан тергов бошланди

AFP

ДУШАНБЕ – Тожикистонда маҳбусларни бошқа қамоқхонага кўчириш вақтида 14 маҳбус овқатдан заҳарланиш натижасида ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда душанба (8 июль) куни Адлия вазирлиги хабар берди. Тахминларга кўра, маҳбуслардан бири уларга заҳарланган нон тарқатган.

Фавқулодда ҳодиса якшанба (7 июль) куни 100 дан ортиқ маҳбусни, шу жумладан 8 аёлни мамлакат шимолидаги қамоқхонадан жанубдаги колонияга кўчириш вақтида юз берган.

Вазирлик хабарида айтилишича, йўлдаги қисқа тўхташ чоғида маҳбуслардан бири автомашиналарнинг бирида кетаётган 16 маҳбусга нон тарқатган.

Хабарда айтилишича, «машиналардан бирининг орқа тарафида кетаётган 16 нафар маҳбус нонни истеъмол қилганидан сўнг ярим соат ўтиб, боши айланиб, қуса бошлаган».

Шифокорлар маҳбусларнинг фақат икки нафарининг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган, дейилади «Ховар» давлат ахборот агентлиги хабарида.

Вазирликнинг хабар қилишича, давлат прокурори ҳодиса юзасидан жиноий иш очган.

Бунгача май ойида Душанбе яқинида жойлашган қамоқхонадаги ғалаён натижасида 32 киши, жумладан, 3 қўриқчининг ҳалок бўлгани мамлакатдаги қамоқхоналар хавфсизлиги бўйича хавотирларни келтириб чиқарган.

Ҳукумат тартибсизликлар «Ислом давлати» (ИД) гуруҳини айблаган.

Сизга мақола ёқдими?

1
1
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha